Мадриднинг «Реал» клуби Ла Лиганинг якшанба кунги баҳсида «Валенсия» устидан ғалаба қозонди (2:0).
«Қаймоқранглилар» устози Альваро Арбелоа Федерико Вальвердени ўзининг асосий позицияси — ярим ҳимоя марказига қайтарди, мудофаанинг ўнг қанотига эса ёш Давид Хименесни жойлаштирди.
"Феденинг ярим ҳимоядаги ўйини? Мен унинг айнан ўша ерда ўзини энг қулай ҳис қилишини биламан, бироқ у биз уни қайси позицияга қўймайлик, ҳамма жойда ҳайратланарли даражада яхши ҳаракат қилади", — дея «Madrid Zone» мадридликлар бош мураббийининг жавобини келтирмоқда.
Федерико Вальверде жорий мавсумда «Реал» сафида барча мусобақаларда 32 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига битта гол ва тўққизта голли узатмани ёздириб қўйди.













