Ҳужумчи Маркус Рэшфорд Англия Премьер-лигасига қайтиш эҳтимоли борасида якуний қарорга келди. "The Touchline" нашрига маълум бўлишича, Рэшфорд ўзини АПЛда "бошқа ҳеч қачон" кўришни истамайди.
28 ёшли Маркуснинг фикрича, Англия футбол майдони ҳаддан ташқари "токсик" (заҳарли муҳитга эга). Шу билан бирга, чет элдаги ҳаёт ҳужумчининг фаолиятини қайта жонлантирди. У Англияга қайтиш акс таъсир кўрсатади деб ҳисоблайди.
Маълумки, ўтган ёзда Маркус Рэшфорд "Манчестер Юнайтед"дан "Барселона"га ўтган эди. Каталонияликлар инглиз футболчисини ижарага олишган ва уни сотиб олиш ҳуқуқига эга. Жорий мавсумдаги 34 та ўйинда Рэшфорд ўз ҳисобига 10 та гол ва 13 та голли узатмани ёздириб қўйишга муваффақ бўлди.













