Топ-лигаларда қишки трансфер ойнаси ёпилган бўлса-да, катта клубларнинг таркибни кучайтириш борасидаги ишлари давом этмоқда — энди асосий эътибор ёзги режаларга қаратилган. «Transfer News Live» нашрининг «Tuttosport»га таяниб хабар беришича, ҳужумчи Габриэль Жезус мавсум якунида «Арсенал»ни тарк этиб, А Серияга йўл олиши мумкин.
Манбага кўра, Жезусга «Милан» клуби қизиқиш билдирмоқда. «Россонерилар» бразилиялик футболчини унинг Лондондаги амалдаги шартномаси тугашига бир йил қолганда ўз сафига қўшиб олишлари мумкин.
Шу йилнинг қишида Габриэль Жезус жиддий жароҳат туфайли узоқ давом этган танаффусдан сўнг сафга қайтди. Ўшандан бери бразилиялик ҳужумчи 16 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига тўртта гол ва битта голли узатмани ёздириб қўйди. «Transfermarkt» портали 28 ёшли Жезусни 20 миллион еврога баҳоламоқда.













