Фарғонанинг «Яйпан» клуби Фарғона вилояти футбол ассоциацияси қошида ташкил этилгани ва у вилоят ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланаётгани маълум қилинганди.
Ўтган давр ичида «Яйпан» клубининг Ўзбекистон туманида жойлашган стадион, футбол базаси, академияси ва унинг қошидаги машғулот майдонларидан фойдаланиши масаласи ҳал этилди. Инфратузилма давлат-хусусий шериклик асосида бунёд этилган бўлиб, кейинги беш йил давомида ундан «Яйпан» клубининг фойдаланиши борасида келишувга эришилди.
Вилоят ҳокими ташаббуси билан стадионни катта футбол учрашувларига тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Унинг майдони жорий йилнинг апрель ойига қадар Лига талаб қилган минимал кўринишга келтирилиши режалаштирилган. Шунингдек, «Яйпан» футбол мактаби тарбияланувчиларини рўйхатдан ўтказиш, уларнинг клуб тасарруфига қабул қилиниши ва ундан чиқарилиши каби масалалар Лига ёрдамида тартибга келтирилади ҳамда саккизта ёш тоифаси бўйича тарбияланувчилар рўйхатга олинади.
«Яйпан» клубининг смета харажатлари талаб этилган кўринишда тўлиқ ишлаб чиқилгани, клуб кейинги беш йил давомида катта футбол учрашувларини қабул қила оладиган стадиондан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритгани, болалар футболини ривожлантириш йўналиши бўйича аниқ режаларга эга эканлигидан келиб чиқиб, Лига уни вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров кафолати остида Пролига қатнашчилари сафига қўшишга қарор қилди.













