"Ливерпуль" устози Арне Слот ўтган ёзда "Бавария"га сотилган вингер Луис Диас ҳақидаги саволга жавоб берди.
"Қизиллар" колумбиялик футболчининг сотувидан 70 миллион евро ишлаб олишди. Германияда Диас дарҳол ўз маҳоратини намойиш этди ва Мюнхен грандининг асосий ўйинчиларидан бирига айланди.
"Яхши футболчиларнинг кетиши доим сезилади. Диас ўтган мавсумда муҳим роль ўйнаган эди, лекин у ягона муҳим ўйинчи эмасди — бошқалар ҳам натижага таъсир кўрсатишган. Диаснинг сотилиши мисолида биз "Ливерпуль" қандай бошқарилишини кўришимиз мумкин: 28 ёшли футболчи учун бундай таклиф тушганида, клуб барқарор ривожланиш тамойилларига амал қилиб, у билан хайрлашишга қарор қилди. Биз АПЛда, айниқса топ-клублар орасида қоидадан истисномиз. Охирги йилларда ушбу модель бизга муваффақият келтираётгани жуда ёқимли. Ҳозир Луис Диаснинг "Бавария"даги ишлари жойида ва бу мени ҳайрон қолдирмайди", — дея Слотнинг сўзларини "Bayern & Germany" нашри келтирмоқда.
Диас "Бавария" сафида 30 та учрашувда 18 та гол ва 14 та голли узатмага муаллифлик қилди.













