ЎФФ Терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжонов Twitter микроблоглар хизматини ўчирди. @Talipdjanov аккаунти очилганига ҳали 24 соат ҳам бўлмаган эди.
Аккаунт 13 август куни очилган эди. Twitter’да Асқар Толибжонов аккаунти очилганидан сўнг, у бирорта ҳам твит ёзмаган, айни вақтда, 12та аккаунтни фоллоу қилган. Улар орасида асосан ЎФФ матбуот хизмати ходимлари ва улар томонидан юритиладиган аккаунтлар бўлган. @Talipdjanov аккаунти ҳақиқатан ҳам Асқар Толибжоновнинг ўзига тегишли эканлиги ЎФФ матбуот котиби Санжар Ризаев томонидан тасдиқланганидан сўнг, ЎФФ Терма жамоалар маркази директорининг твиттерини 230дан ортиқ фолловер фоллоу қилган.
Асқар Толибжонов аккаунти нима сабабдан очилиб, нима сабабдан ёпилгани номаълум. «Ҳалойиқ тарқалинг. @talibdjanov твиттердан кетди. Ҳозир телефон қилиб аниқладик», – деб ёзади ЎФФ матбуот котиби Санжар Ризаев.
ЎФФ Терма жамоалар марказининг асосий вазифаси, Асқар Толибжоновнинг ушбу марказ директори сифатида ўтказган илк матбуот анжуманида маълум қилинганидек, «терма жамоаларга турли мусобақаларда қатнашиши, уларга тайёргарлик кўриши мақсадида иложи борича яхши шароитлар яратиб бериш, терма жамоалар учун мураббийлар штабини аниқлаш ва бутун республика бўйича фаол селекция ишларини йўлга қўйишдан иборат».
Қайд этиш жоиз, Терма жамоалар маркази директори сифатида Асқар Толибжонов бир неча бор ишқибозлар ва ОАВ эътибори марказига тушиб қолганди. Хусусан, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2014 саралаш 4-босқичини Эронга қарши мағлубият билан бошлаганидан сўнг, Толибжоновнинг истеъфога чиқарилгани ҳақида хабарлар тарқатилганди. Кейинчалик бу хабарлар рад этилган эди. Шунингдек, 2012 йил августида ишқибозлар гуруҳи Асқар Толибжонов устидан ЎФФ президенти Мираброр Усмоновга шикоят қилишгани маълум бўлганди.
Шунингдек, ЖЧ-2014 саралаш 4-босқичи доирасидаги Ливан ва Қатар миллий терма жамоаларига қарши ўйинлари арафасида чипталар масаласида юзага келган муаммолардан сўнг, ишқибозлар чипталар савдосини ташкил қилган ЎФФ Терма жамоалар маркази ва унинг раҳбариятини танқид қилиб чиқишган эди.