Швеция терма жамоаси бош мураббийи Грэм Поттер Лондоннинг «Арсенал» клуби ҳужумчиси Виктор Дьёкереш ўз шаънига айтилган танқидлардан тўғри хулоса чиқарган деб ҳисоблайди.
«Тўпчилар» ўтган йилнинг ёзида форвардни Лиссабоннинг «Спортинг» клубидан сотиб олган эди. Швед футболчиси гол уриш борасидаги кўрсаткичлари юқори эмаслиги учун тез-тез танқид қилинди, жамоа устози Микель Артета эса вақти-вақти билан унинг ўрнига бошқа футболчиларни афзал кўрди.
«Танқидлар Викторга фойда берди. Менимча, бу унинг характери нақадар кучли эканлигини англатади. Шахсан мен Дьёкерешга заррача шубҳа қилмайман — у юқори тоифадаги ўйинчи ва ажойиб инсон. У «Арсенал»нинг тўрттала турнирдаги муваффақиятига ўз ҳиссасини қўшди деб ҳисоблайман. Ҳар қандай футболчи баъзан танқидларга дуч келиши табиий — бу касбнинг бир қисмидир», — дея Поттернинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда «Arsenal News Channel».
Виктор Дьёкереш жорий мавсумда «Арсенал» сафида 36 та ўйинда майдонга тушиб, 15 та гол урди ва иккита голли узатмани амалга оширди.













