«Ливерпуль» яқин келажакда «Бавария» вингери Майкл Олисе трансферини амалга ошириши амримаҳол.
24 ёшли футболчи инглиз гранди учун исталган, аммо амалга ошириб бўлмас мақсад бўлиб қолмоқда. Журналист Флориан Плеттенбергнинг хабар беришича, «қизиллар» вазиятни ўрганиб чиқишган, бироқ келишувнинг иложи йўқлигига тан беришга мажбур бўлишган. «Бавария» француз футболчисини сотмайди. Бундан ташқари, Мюнхен клуби аллақачон ўйинчининг маошини оширган ҳолда шартномани узайтириш устида иш олиб бормоқда.
Шу сабабли «Ливерпуль» бошқа бир қимматбаҳо вингер — «РБ Лейпциг» аъзоси Ян Диомандега эътибор қаратишга қарор қилди. 19 ёшли ивуарлик футболчининг қиймати Transfermarkt портали томонидан 45 миллион еврога баҳоланмоқда, бироқ «қизил буқалар» унинг учун тахминан 100 миллион евро талаб қилиши кутилмоқда.













