Сешанба куни «Барселона» Испания Кубоги ярим финалининг жавоб учрашувида «Атлетико»ни 3:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса-да, мусобақани тарк этди.
«Матрасчилар» дастлабки баҳсда қўлга киритилган тўртта тўп фарқини сақлаб қолишди. Энди каталонияликлар бор эътиборни Чемпионлар лигаси ва Ла Лигага қаратишлари мумкин.
«Бизни Чемпионлар лигасида узоқ йўл кутмоқда. «Ньюкасл» — жуда қийин рақиб. Агар Европада узоққа боришни истасак, ҳар бир ўйинга худди шундай иштиёқ билан ёндашишимиз керак. Бироқ ҳозирда биз бор эътиборимизни Бильбаонинг «Атлетик» жамоасига қарши бўлажак учрашувга қаратганмиз», — деди «Барселона» бош мураббийи Ханс-Дитер Флик матбуот анжуманида.
«Кўк-анорранглилар»нинг «Атлетик» билан баҳси 7 март куни бўлиб ўтади, Чемпионлар лигаси 1/8 финали доирасидаги «Ньюкасл»га қарши дастлабки ўйин эса уч кундан сўнг Англияда ўтказилади.













