Якшанба куни Миланнинг икки клуби ўзаро тўқнаш келади — «Интер» ва «Милан» баҳс олиб боради. Сўнгги вақтларда «неррадзурри»лар «Милан»га қарши унчалик муваффақиятли ўйнай олишмаяпти, биринчи даврада улар кичик 1:0 ҳисобида имкониятни бой беришган эди.
Бироқ айнан «Интер» ҳозирда Италия чемпионатида катта фарқ билан пешқадамлик қилмоқда. Ушбу клубнинг собиқ футболчиси Андреа Раноккия дербидаги ғалаба клубга чемпионлик унвонини кафолатлашига шубҳа қилмаяпти.
«Агар «Интер» ушбу учрашувда ғалаба қозонса, Скудетто тақдирини ҳал бўлган деб ҳисоблаш мумкин. Агар «Милан» ғалаба қозонса ҳам, «Интер» катта фарқ билан пешқадам бўлиб қолаверади, шунингдек, Чемпионлар лигасидан чиқиб кетганидан сўнг уларда тақвим анча енгиллашган», — дея собиқ футболчининг сўзларини келтирмоқда fcinter1908.it.
Эслатиб ўтамиз, Серия Анинг амалдаги чемпиони «Наполи» ҳисобланади.













