«ПСЖ» ҳужумчиси Усмон Дембеле болдир суяги жароҳатидан сўнг тикланиш жараёнини якунламоқда.
L’Equipe нашрининг хабарига кўра, форвард шу жума куни, 6 март куни Франция чемпионати доирасида «Монако»га қарши бўлиб ўтадиган ўйинда майдонга тушишга тайёр. Футболчи бугунги жамоавий машғулотларда одатий тартибда иштирок этди ва майдонга қайтиш иштиёқи билан тўла. «ПСЖ» тиббиёт ходимлари Дембелени жамоага қайта мослаштириш ва Чемпионлар лигаси 1/8 финали доирасидаги «Челси»га қарши баҳсларга тайёрлаш учун унинг ўйин вақтини босқичма-босқич ошириб боришни режалаштиришмоқда.
Усмон Дембеле 2023 йилда «Барселона»дан «ПСЖ»га 50 миллион евро эвазига ўтган эди. Унинг шартномаси 2028 йилнинг 30 июнига қадар мўлжалланган. Жорий мавсумда ҳужумчи парижликлар сафида барча мусобақаларда 25 та ўйин ўтказиб, 11 та гол урди ва 7 та голли узатмани амалга оширди.













