«Коринтианс» клуби Жесси Лингард билан 2026 йил якунига қадар шартнома имзоланганини эълон қилди. 33 ёшли англиялик футболчи билан тузилган келишув маълум шартлар бажарилган тақдирда, шартномани яна бир йилга узайтириш бандини ҳам ўз ичига олган.
«МЮ»нинг собиқ ярим ҳимоячиси 2025 йилнинг декабрь ойида «Сеул»ни тарк этган эди. У Жанубий Корея клубида 2024 йилнинг февралидан бери тўп суриб келаётганди.
«Биринчи кўрган нарсам — аэропортдаги мухлисларнинг «Vai, Corinthians! Vai, Corinthians!» («Олға, «Коринтианс»!») дея ҳайқиришлари бўлди. Бу ердаги ишқибозларнинг эҳтироси жуда кучли ва буни кўриш мароқли.
Машғулот базаси ҳайратланарли даражада. Футболчилар мени қучоқ очиб кутиб олишди, мураббий ва директор билан танишиш ҳам ёқимли бўлди. Илк таассуротларим — мен жуда бахтиёрман ва майдонга тушишни интиқлик билан кутяпман», — деди Лингард.














