“Реал Мадрид” ва “Байер” клубларининг собиқ устози Хаби Алонсо жорий мавсум якунлангач, “Ливерпуль” бош мураббийига айланиши деярли аниқ. Бу ҳақда OK Diario нашри хабар берди.
Манбанинг маълум қилишича, Алонсо ва Англия клуби ўртасида ҳамкорлик бўйича оғзаки келишув мавжуд. Томонлар уч йиллик шартнома имзолаши тахмин қилинмоқда.
Шу билан бирга, ушбу келишувнинг амалга ошиши “Ливерпуль”нинг амалдаги мураббийи Арне Слот бошқарувидаги натижаларга боғлиқ бўлади. Таъкидланишича, агар мерсисайдликлар жорий мавсумда УЕФА Чемпионлар лигасида ғолиб чиқса, Алонсо билан келишув ўз кучини йўқотиши мумкин.
“Ливерпуль” вакиллари ва Алонсонинг яқинлари ўртасидаги илк норасмий алоқалар 2025 йил ноябрь ойи охирида, мутахассис ўзининг аввалги иш жойидаги натижалари туфайли босим остида қолган пайтда бўлиб ўтган. Ўшанда “Энфилд” клуби раҳбарияти испаниялик мураббийни кейинги мавсумдан таклиф қилиш имкониятларини ўрганишни бошлаган эди.
Маълумот учун, Хаби Алонсо 2026 йилнинг январь ойи ўрталарида “Реал”даги биринчи мавсумидаёқ истеъфога чиқарилган эди.
Ҳозирда “Ливерпуль” Англия Премьер Лигасида 30 та учрашувдан сўнг 48 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалида 6-ўринни эгаллаб турибди. Мерсисайд клуби УЕФА Чемпионлар Лигаси 1/8 финал босқичи доирасида “Галатасарой”га (Туркия) қарши баҳс олиб боради.













