10 март куни Ўзбекистон Суперлигасининг 3-тури доирасидан ўрин олган баҳслар старт олади. Дастлабки кунда мухлислар бир эмас, икки марказий учрашувга гувоҳ бўлишади.
Тур водий дербиси билан бошланади. 2026 йилги мавсумда ўз олдига совринли ўринларни қўлга киритишни мақсад қилган "Андижон" жамоаси бу турда "Истиқлол" стадионида мусобақанинг амалдаги чемпиони "Нефтчи" клубига меҳмон бўлади.
Ушбу клублар шу вақтга қадар барча мусобақаларда 55 бор ўзаро тўқнаш келган. Мазкур баҳсларнинг 36 тасида фарғоналиклар ғалаба қозонган. 10 та учрашувда эса "бургутлар"нинг қўли баланд келган. Яна 9 та ўйин дуранг натижа билан якунланган.
Жамоаларнинг ўзаро ўтказган сўнгги 4 та ўйинида Фарғона клуби устунликка эга. Яъни 2025 йилда бўлиб ўтган ҳар икки баҳсда "Нефтчи" жамоаси 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган. 2024 йилда ўтказилган ҳар икки ўйинда эса дуранг натижа қайд этилган.
Хўш, Ислом Исмоилов бошчилигидаги жамоа муваффақиятли сериясини давом эттира оладими? Ёки янгиланган "Андижон" 6 йилдан кейин яна Фарғонадан ғалаба билан қайтадими? Буни бугун соат 19:00 да старт оладиган ўйинни кузатиш орқали билиб оламиз.

Биринчи турда Самарқанддан ғалаба билан қайтиб, иккинчи турда Бухородан кутилмаган мағлубиятни қабул қилиб олган "Навбаҳор" клуби ушбу турда Тошкентда "Пахтакор" меҳмони бўлади. Таъкидлаш керакки, "Пахтакор" 2026 йилги мавсумни кетма-кет 2 та ғалаба билан бошлади.
Ушбу клублар шу вақтга қадар барча мусобақаларда 83 бор ўзаро тўқнаш келган. Мазкур баҳсларнинг 48 тасида пойтахтликларнинг қўли баланд келган. 17 та учрашувда эса "лочинлар" ғалаба қозонишган. Яна 18 та ўйин дуранг билан якунланган.
Жамоаларнинг Суперлигада ўзаро ўтказган сўнгги 4 та баҳсида мутлақ тенглик кузатилмоқда. Бу ўйинларнинг 2 таси дуранг билан якунланган бўлса, қолган 2 баҳсда жамоалар биттадан ғалабани қўлга киритишган.
Хўш, бу гал қандай натижа қайд этилади? Бу саволга бугун соат 20:00 да старт оладиган учрашувни томоша қилиш орқали жавоб топамиз.














