Ҳужумчи Жереми Доку "Манчестер Сити" билан янги шартнома имзолашни истамоқда.
TEAMtalk нашрининг хабарига кўра, бельгиялик футболчи шу ёзда "шаҳарликлар" билан янги келишув бўйича музокаралар ўтказиш ниятида. Футболчининг амалдаги шартномаси 2028 йилнинг 30 июнига қадар мўлжалланган бўлса-да, у клубдаги узоқ муддатли роли борасида аниқлик киритиб олмоқчи. Доку янги шартнома имзолашдан олдин бош мураббий Хосеп Гвардиоланинг режаларида муҳим ўрин тутиши бўйича кафолатлар олмоқчи, чунки "Манчестер Сити" ҳужум чизиғида рақобат сезиларли даражада ошган.
Жереми Доку 2023 йилда "Ренн"дан "Манчестер Сити"га 60 миллион евро эвазига ўтган эди. Жорий мавсумда форвард "шаҳарликлар" сафида барча турнирларда 32 та ўйинда майдонга тушиб, 3 та гол урди ва 12 та голли узатмани амалга оширди.













