Дортмунднинг «Боруссия» клуби афсонаси Марко Ройс «Манчестер Юнайтед» вингери Жейдон Санчонинг яна «асаларилар» сафига қайтиши мумкинлиги борасида ўз фикрини билдирди.
Аввалроқ, жорий мавсумни ижара асосида «Астон Вилла»да ўтказаётган Санчога «Боруссия» қизиқиш билдираётгани ҳақида хабар берилган эди.
«Жейдонга асосий маслаҳатим — атрофга назар ташласин ва қаерда ўзини яна уйдагидек ҳис қилиши ҳамда энг яхши формасига қайта олиши мумкинлигини кўрсин. Агар бу Дортмунднинг «Боруссия»сида юз берса, бу ҳам у учун, ҳам «Боруссия» учун яхши бўларди», — дея Ройснинг сўзларини келтиради BILD нашри.
Жорий мавсумда 26 ёшли Санчо барча турнирларни ҳисобга олган ҳолда 31 та ўйинда иштирок этиб, битта гол урди ва ўз ҳисобига учта голли узатмани ёздириб қўйди.













