«Астон Вилла» ҳимоячиси ва Швеция терма жамоаси вакили Виктор Линделёф ЖЧ-2026 йўлланмаси учун ўтиш ўйинлари (плей-офф) бошланиши олдидан ўз фикрларини билдирди. Швеция ва Украина ўртасидаги ярим финал учрашуви 26 март куни бўлиб ўтади ва Тошкент вақти билан тунги соат 00:45 да бошланади.
«Бу Жаҳон чемпионати — менинг энг сўнгги имкониятим. Агар орадан тўрт йил ўтиб ҳам мен миллий жамоада бўлсам, демак, бу Швеция футболи учун унчалик яхши белги эмас», — дея футболчининг сўзларини келтиради УЕФА расмий сайти.
Ушбу жуфтлик ғолиби 31 март куни ҳал қилувчи баҳсда Польша ёки Албания терма жамоаси билан тўқнаш келади.
Линделёф 2016 ва 2020 йилги Европа чемпионатларида, шунингдек, 2018 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этган. 31 ёшли футболчи терма жамоа сафида жами 73 та ўйин ўтказиб, 3 та гол уришга муваффақ бўлган.













