«Барселона» ҳужумчиси Маркус Рэшфорд ўз келажаги ҳақидаги саволга жавоб берди. Футболчи жорий мавсумни ижара асосида каталонияликлар сафида ўтказмоқда. Унинг трансфер ҳуқуқи эса «Манчестер Юнайтед»га тегишли.
«Мен «Барселона»да қолишни истайман. Бу менинг мақсадим... Лекин бу менинг машғулотларда қаттиқ ишлашим ва бор кучимни беришимнинг ягона сабаби эмас. Асосий мақсад — ғалаба қозониш. «Барселона» — совринлар ютиш учун яратилган улкан ва ажойиб клуб», — деди Рэшфорд Sport нашрига берган интервьюсида.
Аввалроқ, «Манчестер Юнайтед» «Барселона»нинг футболчи ижарасини яна бир мавсумга узайтириш борасидаги сўровига рад жавобини бергани ҳақида хабар берилган эди.
«Кўк-анорранглилар» таркибида Рэшфорд барча турнирларда 39 та ўйинда майдонга тушиб, 10 та гол урди ва 13 та голли узатмани амалга оширди.













