Лондоннинг “Арсенал” клуби бош мураббий Микель Артета билан янги шартнома бўйича музокараларнинг якуний босқичида турибди.
Маtchday Central нашри хабарига кўра, таклиф этилаётган келишув унинг клубдаги фаолиятини яна олти йилга узайтиради ва унда мутахассис 2033 йилгача жамоани бошқариши белгиланган.
Маълумот учун, испаниялик мутахассиснинг амалдаги шартномаси 2027 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. 44 ёшли мураббий 2019 йилдан буён “тўпчилар”ни бошқариб келмоқда. Жамоа унинг қўл остида барча мусобақалар доирасида 339 та ўйин ўтказиб, 210 та ғалаба, 58 та дуранг ва 71 та мағлубият қайд этган.
Аввалроқ, терма жамоалар иштирокидаги ўйинлар ўтказиладиган халқаро танаффусдан сўнг “Арсенал” клубининг 11 нафар футболчиси жароҳат билан қайтгани хабар қилинган эди.
Айни дамда “канонирлар” Англия Премьер Лигаси турнир жадвалида биринчи ўринни эгаллаб турибди. Жамоа ҳисобида 70 очко мавжуд. “Тўпчилар”, шунингдек, Англия Кубоги ва УЕФА Чемпионлар Лигасида ҳам иштирокини давом эттирмоқда.













