Кириш Регистрация

Каннаваро: “Жаҳон чемпионати — бу бутунлай бошқа даража”

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро FIFA Series доирасидаги Венесуэлага қарши баҳсдан сўнг матбуот анжуманида иштирок этди. Италиялик мутахассис ўйин сифати, таркибдаги ўзгаришлар ва Жаҳон чемпионати олдидан кўрилаётган тайёргарлик ҳақида гапирди.

Ўйин сифати ва вазиятлар ҳақида

“Бугун майдонда жуда мазмунли ўйин гувоҳи бўлдик. Гарчи кўплаб қулай имкониятлардан фойдалана олмаган бўлсак-да, баҳс давомида устунликни ўз томонимизда сақлаб қолдик. Рақибга тинимсиз босим ўтказганимиз мени қувонтирди. Венесуэла каби жиддий рақибларга қарши ўйнаш доим мураккаб кечади, бироқ шогирдларим бугун ўзларининг иродали эканини исботлашди. Мен йигитларга кийиниш хонасида ҳам айтдим: энди бошқа ўртоқлик учрашувлари бўлмайди, ҳар бир баҳсга расмий ўйин сифатида қарашимиз шарт”.

Ҳимоя чизиғи ва жамоавий ҳаракат

Габон билан ўйиндаги камчиликлар ҳақида тўхталар экан, мураббий ҳимоя чизиғининг ўсишини эътироф этди:

“Бугун ҳимоячиларимиз рақибга деярли бўш жой қолдиришмади. Шуни тушуниш керакки, ҳимояланиш фақат тўрт нафар ўйинчи эмас, балки бутун жамоанинг вазифасидир. Ярим ҳимоя ва ҳужум чизиғи биргаликда ҳаракат қилгандагина кутилган натижага эришиш мумкин. Бугун биз айнан жамоавий ҳимояланишни кўрсата олдик”.

Стандард вазиятлар ва футболчиларнинг ҳолати
“Стандард вазиятлар устида ишлаш учун вақтимиз кам бўлса-да, бунда ҳам ўсиш бор. Жамоамизда Отабек Шукуров ва Азизбек Ғаниев каби узоқ масофадан кучли зарба бера оладиган ижрочилар борлигидан унумли фойдаланишимиз керак”.

Мураббий, шунингдек, футболчиларнинг жисмоний ҳолатига тўхталиб, мавсум ҳали бошланғич паллада эканини эслатди:

“Суперлигада эндигина 4-тур якунланди. Иккинчи бўлимда бир оз толиқиш сезилгани табиий ҳол. Мавсум ўрталарига бориб, жисмоний тайёргарлик даражаси мутлақо бошқача бўлади”.

Жаҳон чемпионатига тайёргарлик ва янги режалар
“Мундиал — бу бутунлай бошқа даража. У ердаги суръат ва муҳит ўртоқлик ўйинларидан тубдан фарқ қилади. Биз доимо олдинга интиляпмиз. Май ойида режалаштирилган йиғин орқали тайёргарликни янги босқичга олиб чиқамиз. Футболчиларнинг овқатланиши, дам олиши ва машғулотларига эътибор қаратиш орқали уларнинг фаолиятини узайтиришни кўзлаганмиз. Жамоамизнинг тиббий штабини кучайтирганимиз ҳам жароҳатлар хавфини камайтиришга хизмат қилади”.

Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси ҳамда Венесуэла ўртасидаги баҳснининг асосий вақтида ҳисоб очилмади. Ғолиб номи эса пенальтилар сериясида аниқланди. Унда Каннаваро жамоаси 5:4 ҳисобида ғалаба қозониб, FIFA Series ғолибига айланди.

Манба: daryo.uz
Киритилди: 12:18, 31.03.2026.
Ўқилди: 791 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик