Ўзбекистон Суперлигасининг 6-тур учрашувига старт берилди. “Локомотив” — “Хоразм” учрашуви дуранг натижа билан якунланди. “Бунёдкор” клуби сафарда “Машъал” устидан ғалабага эришди. Водий дербисида “Навбаҳор” “Андижон”ни енгди.
“Машъал” — “Бунёдкор”
Ғузор шаҳридаги “Ғузор” сатадионида ўтган ўйин тенг курашлар остида ўтди. Учрашувдаги ягона гол 90+1-дақиқада “қалдирғочлар”нинг монтенегролик ҳужумчиси Матия Кривокапич томонидан пенальтидан киритилди. 68-дақиқада мезбонлар ҳужумчиси Ҳумоюн Муртазоев рақиб футболчисига тирсаги билан зарба бергани учун майдондан четлатилди.
Ушбу ғалаба эвазига “Бунёдкор” очколари сонини 13 тага етказиб олди ва турнир жадвалининг 2-поғонасини эгаллаб турибди. Мавсумдаги олтинчи мағлубиятини қабул қилиб олган “Машъал” эса сўнгги ўринда бормоқда.
“Бунёдкор” 14 апрель куни 7-турда турнир пешқадами ва амалдаги чемпион “Нефтчи” жамоасини қабул қилади. “Машъал” эса 13 апрель куни “Пахтакор” меҳмони бўлади.
Ўзбекистон Суперлигаси, 6-тур
“Машъал” — “Бунёдкор” 0:1
Гол: 0:1 — Кривокапич (пен, 90+1).
Четлатиш: Ҳумоюн Муртазоев (“Машъал”, 68-дақиқа)
“Локомотив” — “Хоразм”
Тошкентдаги “Локомотив” стадионида кечган учрашувда “Локомотив” ва “Хоразм” жамоалари 1:1 ҳисобида дуранг қайд этди.
Ўйиннинг илк дақиқалариданоқ “темир йўлчилар” ҳужумкорликка урғу берди. Бироқ биринчи бўлимда ҳисоб ўзгаришсиз қолди.
Иккинчи бўлимда “Хоразм” мураббийлари ўйинга ўзгаришлар киритиб, вазиятни ўнглашга ҳаракат қилди. Бу ўз самарасини берди. Захирадан майдонга тушган франциялик ҳужумчи Янис Лери 66-дақиқада ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Аммо мезбонлар 81-дақиқада Темурхўжа Абдухолиқов томонидан киритилган гол эвазига мағлубиятдан қутулиб қолди.
Айни пайтда “Локомотив” ҳамда “Хоразм” 8 очко билан турнир жадвалида ёнма-ён бормоқда — 7 ва 8-ўрин.
“Локомотив” 12 апрель куни 7-турда “Динамо” майдонига сафар қилади. “Хоразм” эса 14 апрель куни ўз майдонида “Қўқон-1912” жамоасига қарши баҳс олиб боради.
Ўзбекистон Суперлигаси, 6-тур
“Локомотив” — “Хоразм” 1:1
Голлар: 0:1 — Лери (66), 1:1 — Абдухолиқов (81).
“Андижон” — “Навбаҳор”
Куннинг сўнгги учрашуви Андижондаги “Бобур Арена” стадионида бўлиб ўтди. Унда мезбон “Андижон” Наманганнинг “Навбаҳор” клубини қабул қилди. Водий дербиси меҳмонларнинг 0:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ягона гол 90+7-дақиқада Наманган жамоасининг грузиялик легионери Гиорги Жгереная томонидан киритилди.
Ушбу натижадан сўнг “Андижон” 6 очко билан турнир жадвалининг 10-поғонасида бормоқда. “Навбаҳор” эса 12 очко билан 4-ўринни эгаллаб турибди.
“Бунёдкор” 12 апрель куни 7-турда “ОКМК”ни қабул қилади, “Навбаҳор” эса “Сурхон” билан беллашади.
Ўзбекистон Суперлигаси, 6-тур
“Андижон” — “Навбаҳор” 0:1
Гол: Гиорги Жгеренаиа, 90+6 (0:1)













