«Барселона» Чемпионлар лигаси ўйини олдидан «Атлетико» стадионидаги майса баландлиги бўйича шикоят қилди.
Чорак финалнинг жавоб учрашуви сешанба, 14 апрель куни «Метрополитано» стадионида бўлиб ўтади. Дастлабки баҳсда «Атлетико» 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди.
Аввалроқ, каталонияликлар бош мураббийи Ханс-Дитер Флик машғулот вақтида УЕФА делегатларига «Атлетико» уй стадионидаги майдон ҳолати юзасидан эътироз билдиргани маълум бўлган эди.
Marca нашрининг хабарига кўра, «Барселона» УЕФАдан «Метрополитано» майдонидаги майса баландлигини ўлчашни сўраган. Чунки ҳаддан ташқари баланд ўсган майса тўп ҳаракатини секинлаштиради. Регламентга кўра, майса баландлиги бутун майдон бўйлаб бир текисда 3 сантиметрдан ошмаслиги керак. «Атлетико» вакиллари эса майдон ушбу талабларга жавоб беришини ва унинг ҳолати сезиларли даражада яхшиланганини таъкидламоқдалар.
УЕФА «Барселона»нинг сўровига жавобан, агар қоидабузарлик аниқланса, майсани калтароқ қилиб ўриб қўйишга тайёрлигини билдирди. Шу билан бирга, қайд этилишича, агар майдон белгиланган параметрларга мос келмаганида, каталонияликларга ўйиндан олдинги машғулотни у ерда ўтказишга рухсат берилмаган бўларди.













