«Реал»нинг собиқ футболчиси Эден Азар «қаймоқранглилар»нинг ҳозирги етакчиси Килиан Мбаппе ҳақида ўз фикрларини билдирди. У француз футболчиси бир неча бор Чемпионлар Лигаси ғолиби бўлишга лойиқ деб ҳисоблайди. Бельгиялик собиқ ўйинчи Мбаппе бу мақсадга эриша олишига шубҳа қилмаяпти.
«Мбаппенинг шахсий статистикаси ва «Реал»нинг ғалаба қозона олмаётгани ҳақидаги мунозаралар? Бу мураккаб савол. У «ПСЖ»дан кетади ва «ПСЖ» дарҳол Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқади... Лекин у Франция терма жамоасида ўйнайди ва у билан турнирларда зафар қучган, шундай экан, муаммо фақат Килианда эмас. Уни яхши билган инсон сифатида шуни айта оламанки, у шунчаки ўз ишини давом эттириши керак. У голлар уриши ва қувонч бағишлаши лозим. Шунда жамоа уни қўллаб-қувватлайди ва у янада кўпроқ нарсага эриша олади. У бир нечта Чемпионлар Лигаси титулини ютишга лойиқ бўлган ажойиб футболчи. Айнан шунинг учун ҳам у ушбу клубда ва ўйлайманки, у бунга эришади», — деди Азар.
Эслатиб ўтамиз, жорий мавсумда «Реал» Чемпионлар Лигасининг 1/4 финалига қадар етиб келди. Чорак финалнинг дастлабки учрашувида мадридликлар «Бавария»га 1:2 ҳисобида имкониятни бой беришди. Жавоб ўйини 15 апрель куни бўлиб ўтади.













