«Ливерпуль» бош мураббийи Арне Слот клубнинг трансфер бозоридаги фаолияти ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Ўтган ёзда «қизиллар» янги футболчилар сотиб олиш учун рекорд даражадаги маблағ сарфлашди, бироқ бу на ички аренада, на Европада муваффақият келтирди. Сешанба куни жамоа ўз майдонида «ПСЖ»га 0:2 ҳисобида имкониятни бой бериб (икки ўйин натижасига кўра 0:4), Чемпионлар лигаси ҳақидаги орзулари билан хайрлашди. Табиийки, муваффақиятсизликдан сўнг Слот билан бўлган суҳбатда журналистлар трансфер мавзусини четлаб ўтишмади.
«Биз Трентни текинга бой бердик, тез орада Робертсондан ҳам айриламиз. Клубнинг модели шундай: сотиб олиш учун аввал сотишимиз керак. Бир қатор кучли футболчиларни йўқотганимиздан сўнг, бу ёзда таркибни кучайтира оламизми ёки йўқ — буни вақт кўрсатади», – дея Арне Слотнинг сўзларидан иқтибос келтиради The Touchline.













