Кириш Регистрация
10/07 01:00 Франция 2-0 Марокаш
10/07 23:59 Испания - Бельгия

Жавоҳир Синдаров: «Эндиги мақсадим — жаҳон чемпионлиги учун баҳсда максимал даражада яхши ўйин кўрсатиб, ғалаба қозониш»

Баҳо:
+ | -

Кипрда ўтаётган Номзодлар турнирида муддатидан аввал ғолибликни нақд қилган ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров ғалабадан кейинги фикрлари билан ўртоқлашди. Ёш шахматчи ўтказилган матбуот анжуманида босим, жамоасининг ёрдами ва тарихий натижага нималар эвазига эришганини очиқлади.

Жавоҳир турнир ҳали расман якунланмаган бўлса-да, асосий вазифа бажарилганидан мамнунлигини яширмади:

“Жуда хурсандман. Турнир ҳали тугамади, лекин ғалабани олдиндан таъминлаганимдан хурсандман. Агар бугун мағлуб бўлганимда, кун жуда оғир ўтган бўларди. Турнир давомида яхши ўйин кўрсата олдим деб ўйлайман”.

Гроссмейстер турнир давомида Ўзбекистондаги мухлисларнинг меҳри ва эътиборини доим сезиб турганини таъкидлади:

“Кеча оилавий чатимизга Тошкент кўчаларидаги мониторларда акс этган расмимни юборишганида ҳайрон қолдим. Бутун Ўзбекистон турнирни кузатаётганини ўшанда янада чуқурроқ ҳис қилдим. Ҳар бир турда бу қўллаб-қувватлашни сезиб турдим. Бунинг учун барчага раҳмат айтаман”.

Синдаров ўз муваффақияти ортида турган жамоаси ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Маълум бўлишича, унга уч нафар секундант (ёрдамчи гроссмейстер) кўмаклашган:

“Биттаси шу ерда (Кипрда) эди, қолганлари онлайн тарзда ёрдам беришди. Мураббийим Роман Видоняк билан кўпроқ кўникмалар ва психология устида ишлаймиз. Жамоамиз жуда зўр, лекин ҳозирча ҳаммасини очиқлай олмайман, чунки олдинда жаҳон чемпионлиги учун баҳс кутиб турибди”.

Жавоҳир Номзодлар турнирини ютиш учун фақат билим эмас, балки омад ҳам кераклигини тан олди:

“Бундай турнирларда ғалаба қозониш учун бир оз омад ҳам керак. Биринчи турдаги омадли юриш бутун мусобақани ўзгартириб юборди. Фабиано Каруанага қарши ва биринчи турдаги партиялар жуда оғир кечди. Ҳиндистонлик Прагг (Прагнанандҳа) ва Фабиано Каруана билан бўлган ўйинларим менга алоҳида ёқди”.

Шахматчи ўз қувончини биринчи бўлиб яқинлари билан бўлишишини ва олдинда уни янада масъулиятли баҳс кутаётганини айтди:

“Ҳозир энг аввало оиламга қўнғироқ қиламан. Бу лаҳзаларни улар билан бўлишишни хоҳлайман. Эндиги мақсадим — жаҳон чемпионлиги учун баҳсда максимал даражада яхши ўйин кўрсатиб, ғалаба қозониш”.

Эслатиб ўтамиз, Жавоҳир Синдаров Номзодлар турнири якунланишига 1 тур қолганда ғолибликни расмийлаштирди. У 13-турдан кейин 9,5 очко билан энг яқин таъқибчиси Аниш Гирини 2 очкога ортда қолдирди. Ушбу муваффақият якунида ўзбекистонлик гроссмейстер нафақат турнир ғолиблигини, балки амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражуга қарши шахмат тожи учун кечадиган баҳсда иштирок этиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритди.

Манба: daryo.uz
Киритилди: 10:19, 15.04.2026.
Ўқилди: 1010 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Энцо Фернандес «Реал» рад этганидан сўнг қайси клубга ўтиши мумкинлиги маълум бўлди [4202]

УЕФА «Негрейра иши» фонида «Барселона»нинг Чемпионлар лигасидаги тақдирини ҳал қилди [3412]

Франция — Марокаш: ЖЧ-2026 ярим финалини ўтказиб юбориш хавфи остида турган франциялик футболчилар [3047]

ЖЧ-2026. Мбаппенинг гол ва ассисти ёдамида Франция Марокашни мағлуб этди [2961]

«Атлетико» Жорже Мендешдан ўч олди [2549]

ФИФА Англия терма жамоаси ўйинчисини иккита ўйинга четлаштирди [2424]

Расман: «Кристал Пэлас» «Барселона»нинг собиқ ҳимоячиси билан шартнома имзолади [2001]

Расман! Садриддин Ҳасанов «Брага» ёшлар жамоаси сафига қўшилди [1971]

Клоппга Германия терма жамоасида рекорд даражадаги маош таклиф қилинди [1950]

«Боруссия» ва «Барселона» ўртасидаги Адейеми трансфери бўйича музокаралар тафсилотлари маълум бўлди [1803]

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик