«ПСЖ» бош мураббийи Луис Энрике яқин келажакда Англияга кўчиб ўтмайди. Тез орада испаниялик мутахассис Лига 1 гранди билан шартномасини узайтириши кутилмоқда.
«Луис Энрике «ПСЖ» билан янги шартнома имзолашга яқин — бу «Манчестер Юнайтед» учун зарба», — чоршанба куни The Telegraph нашри саҳифаларида шундай сарлавҳали мақола эълон қилинди.
Мақолада таъкидланишича, «Манчестер Юнайтед» Энрикени диққат билан кузатиб бораётган эди, бироқ келаётган ёзда уни қўлга киритиш имконияти йўқ. Луис яқин вақт ичида «ПСЖ» билан келишувни янгилайди. Янги шартнома 2029 йилнинг ўрталаригача амал қилади ва унда ҳамкорликни яна бир мавсумга узайтириш банди ҳам кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча «ПСЖ» сафарда «Ливерпуль»ни 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, Чемпионлар лигасининг ярим финалига йўл олди.













