Мадриднинг «Реал» клуби бош мураббийи Альваро Арбелоа истеъфога чиқарилиши мумкин. Бу ҳақда The Athletic нашри клуб ичидаги аноним манбаларга таяниб хабар бермоқда.
Чемпионлар лигаси чорак финали босқичида жамоа икки ўйин натижасига кўра «Бавария»га 4:6 ҳисобида мағлуб бўлиб, турнирни тарк этди.
Ла лигада ҳам клуб биринчи ўриндан 9 очкога ортда қолмоқда. Шу натижалар фондида раҳбарият мураббийлар штабида ўзгариш қилишни кўриб чиқиши мумкин.
Бироқ таъкидланишича, клуб раҳбарлари бундай қарорни фақат мавсум якунланганидан кейин қабул қилиши мумкин. Ҳозир янги мураббий тайинлаш маъноси йўқ деб ҳисобланмоқда, шунингдек Арбелоа жамоага содиқ инсон сифатида баҳоланмоқда. У жамоанинг ички муҳитини яхшилаган ва бу май ойигача профессионал атмосферани сақлаб туришга ёрдам беради.
Альваро Арбелоа «Реал»ни 2026 йил январь ойидан бошлаб бошқармоқда. Унинг клуб билан шартномаси 2027 йил ёзигача амал қилади.













