Жорий мавсум стартда Суперлиганинг бир қатор жамоалари ўз уй стадионларида таъмирлаш ишларини амалга оширмоқда ва бу мусобақа тақвимини шакллантиришда бир қатор қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Лига клубларнинг ўз майдони ёки унга яқин ҳудудда учрашув ўтказиши жамоа ва мухлислар учун қулайлигини англаса-да, Суперлига баҳсларини тегишли регламент ва йўриқномалар талабларига жавоб берадиган стадионларда ўтказилишини таъминлашни ўзининг бирламчи вазифаларидан деб билади.
«Сўғдиёна» клуби ўз уй учрашувларини ўтказадиган Жиззахдаги марказий стадион ҳозирда капитал таъмирдан чиқарилмоқда. Ўтган йил якунида клуб асосий стадионини реконструкция қилиш ишлари бошланганлиги сабабли, Лига истисно тариқасида «Сўғдиёна»га мавсумнинг сўнгги икки турини Зоминдаги стадионда ўтказишга рухсат берган эди.
Жиззах шаҳридаги стадион таъмирлана бошлаганидан сўнг, клуб Зомин стадионини Суперлига талабларига мослаштириш ишларини бошлади. Ўтган давр мобайнида стадион чими етарли даражада парвариш қилиниб, Суперлига стандартларига келтирилди. Бундан ташқари, стадионга ёритиш тизими ўрнатилди. Ҳозирда эса VAR тизимини жорий этиш ишлари якуний босқичга етиб келган.
Олмалиқ спорт мажмуасидаги майдон чими эса ўтган мавсум охирига келиб футбол ўйнаш учун яроқсиз ҳолатга келиб қолган эди. ОКМК клуби мавсум якунлангач, ўз уй стадионидаги майдон ҳолатини яхшилаш ишларини бошлади. Бироқ, жорий мавсум бошланишига қадар майдон учрашувларни қабул қилишга тайёр ҳолатга келтирилмади.
Шу сабабли, мавсумнинг 7-туригача ОКМК ўз уй ўйинларини Олимпия шаҳарчасидаги стадионда ўтказди. Апрель ойи бошида Лига ишчи гуруҳи Олмалиқ стадионини кўздан кечириб, майдон ҳолати белгиланган талаб даражасига келтирилганига гувоҳ бўлди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ОКМК ва «Сўғдиёна» клублари 8-тур доирасидан ўрин олган учрашувларни мос равишда Олмалиқ ва Зоминдаги стадионларда ўтказади.













