«Бавария» Венсан Компани қўл остида Бундеслигадаги 50-ғалабасини қўлга киритди. Bayern & Germany нашрининг хабар беришича, бельгиялик мураббийга ушбу маррани забт этиш учун бор-йўғи 64 та ўйин кифоя қилди — бу турнир тарихидаги иккинчи кўрсаткичдир.
Ушбу натижага фақат Хосеп Гвардиола тезроқ эришган — унга 50 та ғалаба учун 61 та баҳс етарли бўлган эди. Испаниялик мутахассис Мюнхен грандини 2013 йилдан 2016 йилгача бошқарган. Венсан Компани эса клубда 2024 йилдан бери ишлаб келмоқда.
Якшанба куни «Бавария» «Штутгарт» устидан иродали ғалабага эришди (4:2) ва Бундеслига якунланишига тўрт тур қолганда чемпионликни нақд қилди. Компанининг клуб билан шартномаси 2029 йил ёзигача мўлжалланган.













