Испания Кубоги финали доирасида кечган «Реал Сосьедад»га қарши баҳсдан сўнг Мадриднинг «Атлетико» клуби аъзолари Адемола Лукман ва Александр Сёрлотнинг соғлиғида муаммолар юзага келди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, ҳар икки футболчи учрашувни ёмон жисмоний ҳолатда якунлаган. Клуб тиббий хизмати томонидан ўтказилган текширувлар натижасида футболчиларда жароҳат олиш хавфи мавжудлиги аниқланган. Шу сабабли шифокорлар уларга эҳтиёт чораларини кўришни тавсия этган.
«Адемола Лукман ва Александр Сёрлот тиббий кўрикдан ўтказилди. Жароҳат хавфини олдини олиш мақсадида яқин кунларда улар асосий гуруҳдан алоҳида тарзда, индивидуал режа асосида машғулот олиб боришади. Футболчиларнинг умумий гуруҳга қайтиш муддати уларнинг соғлиғи тикланишига қараб белгиланади», — дейилади клуб расмий баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, Испания Кубогининг финал баҳси «Атлетико» ва «Реал Сосьедад» жамоалари ўртасида кечиб, асосий вақт 2:2 ҳисобида якунланган эди. Пенальтилар сериясида эса 3:4 ҳисобида «Реал Сосьедад» ғалаба қозонган.













