22 август куни «Насаф» Марказий стадионида «Пахтакор» билан ўйин олдидан мухлислар йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишни фан-клуб етакчиси Зиёдулло Зафаров олиб борди. Шунингдек, “Насаф” матбуот хизмати етакчиси Азиз Нурий, жамоа қўриқлаш хизмати вакили Илҳом Мавлонов ҳамда Фан-клуб бошлиғи Ўктам Узоқов ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Йиғилишда 3 та асосий масала кўрилди:
1. Жамоани янада яхшироқ қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари;
2. Мухлислик маданияти;
3. Мухлислар музейини ташкил қилиш.
Даставвал, Зиёдулло Сафаров сўзга чиқиб, жамоамизнинг уй учрашувида мухлислар янада жипслашиши, биргалашиб 12-ўйинчи вазифасини ўтаб бериши кераклиги, сафар учрашувида ҳам иложи борича “Насаф”ни ёлғизлатиб қўймаслик ҳақида гапириб ўтди. Шунингдек, уй учрашувида жамоамизнинг рамзий қиёфаси – аждар макетида ясатилиб, стадионда туриб йигитларда ишонч руҳини сингдириш таклифи киритилди. Матбуот хизмати бошлиғи Азиз Нурий эса бошқа шаҳарлардаги мухлислик маданияти ва жамоани қўллаш тизими ҳақида гапирар экан, қуйидагиларни қўшимча қилди:
— Биз жамоа билан Сурияга борганимизда, уларнинг жипслашишини кўриб ҳайрон қолгандик. Жамоа мухлислари ўйиндан икки соат олдин стадионни тўлдириб, бир хил формада ўз суюклиларини қўллашарди. Биз ҳам ўзимизга хос мухлислик маданиятини шакллантиришимиз керак.
Шундан сўнг, фан – клуб етакчиси Ўктам Узоқов мухлислик маданияти ҳақида гапирар экан, мухлисларни қўполлашмасликка, ҳар хил жанжалли вазиятларни келтириб чиқармасликка чақирди. Хавфсизлик хизмати етакчиси Илҳом Мавлонов стадионнинг ҳар бир секторида кузатув камералари қўйилганлиги, ўзини муносиб тутмаган мухлисларга чоралар кўрилишини эслатиб ўтди.
Шундан сўнг “Насаф” мухлислари музейини ташкиллаштириш масаласи илгари сурилди. Ўктам Узоқов музей учун жой ажратилганлигини, уни экспонатлар билан бойитиш масаласини мухлислар биргаликда ҳал қилиш кераклигини айтиб ўтди. Жамоа тарихига тегишли тарихий буюмлар, расмлар, видеотасвирлар ва атрибуткаларни мухлислар биргаликда музей учун жамлаш ва келажак ёшлар учун тақдим этишга барча биргаликда келишиб олишди.