«Милан» ва «Челси» клубларининг собиқ юлдузи Руд Гуллит Испания грандларининг жорий мавсумдаги натижалари ва ўйин услублари ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Гуллит Мадриднинг «Реал» клуби иккинчи мавсумни совринсиз якунлаётганига тўхталар экан, жамоа ўйинидаги ўзгаришларни қайд этди:
— Илгари «Реал» анча жипслашган ҳолда ўйин кўрсатарди, ҳозир эса улар кўпроқ индивидуал маҳоратга таяниб қолишгандек. Тўғри, футболчиларнинг техникаси ва ўзига бўлган ишончи юқори, бироқ улар майдонда кўпроқ меҳнат қиладиган рақибларга дуч келганда қийинчиликларга дуч келишмоқда, — деди мутахассис.
Шунингдек, собиқ футболчи «Барселона» ва «Атлетико Мадрид» жамоаларининг ўйин услубини таққослаб ўтди:
— «Барселона» ҳужумкор футбол ўйнайди, аммо ҳимояда кўп бўш жой қолдиради ва рақиблар бундан унумли фойдаланмоқда. «Атлетико» эса аксинча, кучли рақибларга мослашиш борасида устаси фаранг. Улар баъзан рақибдан кучсизроқ кўринса-да, ғалабани илиб кетишади. Бироқ Испания Кубоги финалида «Атлетико» ўзи каби эҳтиёткор футбол ўйнайдиган жамоага («Реал Сосьедад») мағлуб бўлди. Футбол доим ҳам адолатли эмас, — дея таъкидлади Гуллит.













