Қозоғистон футбол федерацияси (ҚФФ) мамлакатнинг “Ҳан Тенгри” клубига нисбатан жарима санкциясини қўллади. Бу ҳақда Тенгри Спорт нашри хабар бермоқда.
ҚФФ Интизом қўмитасининг хулосасига кўра, клуб мутасаддилари хизмат текшируви давомида мураббийлик фаолияти учун зарур бўлган УEФА “C” тоифасидаги сохта лицензияларни тақдим этганликда гумонланмоқда. Шунингдек, федерация клубни текширувга тўсқинлик қилиш ва ҳамкорликдан бош тортишда айблади.
Федерация қарори билан клубга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (тахминан 215 минг тенге ёки 6,2 миллион сўм) миқдорида жарима тайинланди. Клуб ушбу маблағни 14-майга қадар тўлаши шарт. Агар белгиланган ҳужжатлар ва тушунтириш хатлари ўз вақтида тақдим этилмаса, “Ҳан Тенгри”га нисбатан қуйидаги қаттиқроқ чоралар кўрилиши мумкин:
Очколарни олиб ташлаш;
Пастки дивизионга тушириб юбориш;
Масъул шахсларни футбол фаолиятидан четлатиш.
“Ҳан Тенгри” клуби барча айбловларни рад этиб, текширув жараёнида тўлиқ ҳамкорлик қилганини таъкидламоқда. Клуб баёнотига кўра, шубҳали мутахассислар синов муддати билан ишга олинган ва ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини текшириш имконияти бўлмаган.
“Лицензиялаш жараёнида ушбу ҳужжатлар ҳақиқий эмаслиги аниқлангач, клуб дарҳол мазкур шахслар билан ҳамкорликни тўхтатган. Ҳозирда улар клуб тузилмасида фаолият юритмаяпти”, дейилади расмий баёнотда.













