Миланнинг «Интер» клуби ярим ҳимоячиси Николо Барелла фаолиятини Испания Ла Лигасида давом эттириши мумкин. Defensa Central нашри берган маълумотларга кўра, италиялик футболчига Мадриднинг «Реал» клуби жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Мадридликлар раҳбарияти Бареллани трансфер бозоридаги энг мақбул ва манфаатли номзод деб ҳисобламоқда. «Қаймоқранглилар» хавбекнинг трансфери бўйича тез орада миланликларга 50 миллион евро миқдоридаги илк расмий таклифни юборишга тайёр.
Маълумот учун, Николо Барелла 2020 йилда «Кальяри»дан 32 миллион евро эвазига «Интер» сафига келиб қўшилган эди. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2029 йилнинг 30 июнига қадар мўлжалланган.
Жорий мавсумда 29 ёшли ярим ҳимоячи «нерадзуррилар» сафида барча турнирларда 40 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 3 та гол ва 9 та голли узатмани ёздириб қўйди. Transfermarkt портали футболчининг айни дамдаги бозор қийматини 50 миллион еврога баҳоламоқда.













