Ўзбекистон Суперлигаси 9-туридан ўрин олган баҳсда «Қизилқум» ўз майдонида «Қўқон-1912»ни қабул қилди ва иродали ғалабага эришди.
Учрашув меҳмонларнинг фаоллиги билан бошланди ва 10-дақиқада Шоҳруҳ Гадоевнинг узатмасидан кейин Тома Табатадзе ҳисобни очди — 0:1.
«Қизилқум» тез орада жавоб қайтарди. 22-дақиқада Шаҳзод Раҳматуллаевнинг аниқ узатмасини Акмал Музаффаров бош билан дарвозага йўллаб, ҳисобни тенглаштирди — 1:1.
33-дақиқада эса Файзулло Жуманқўзиевнинг пасидан кейин яна Музаффаров бир уринишда тўпни дарвозага жойлаб, жамоасини олдинга олиб чиқди — 2:1.
Иккинчи бўлимда ҳам мезбонлар устунликни сақлаб қолиш учун фаол ҳаракат қилди. 52-дақиқада Музаффаровнинг кучли зарбаси тўсинга тегиб қайтди. 74-дақиқада эса Алексий Шчебетуннинг хавфли зарбасини рақиб посбони қийинчилик билан бартараф этди.
Учрашув сўнгги қисмида меҳмонлар пенальти ишлаб олгандек кўринди, аммо VAR текширувидан сўнг бош ҳакам қарорини ўзгартирди ва ўйин давом эттирилди.
Шу тариқа «Қизилқум» 2:1 ҳисобида муҳим ғалабани қўлга киритди.
Ўзбекистон Суперлигаси, 9-тур
24 апрель 2026 йил
«Қизилқум» — «Қўқон-1912» 2:1
Голлар: Акмал Музаффаров, 22 (1:1), 33 (2:1) — Тома Табатадзе, 10 (0:1).













