Испаниянинг “Реал Мадрид” клуби 2026 йил ёзда Майкл Олисе учун 175 миллион евро миқдорида таклиф юборишга тайёр. Клуб президенти Флорентино Перес франциялик ҳужумчини “Бернабеу”га олиб келишга қатъий қарор қилган.
Ўзининг дриблинги ва креативлиги билан рақиб учун доимий хавф солиб турадиган Майкл Олисе Чемпионлар Лигаси чорак финали доирасида кечган ва “Бавария”нинг “Реал Мадрид”га қарши ҳар иккала учрашувида энг фаоллардан бири бўлди ва жавоб ўйинининг энг яхши футболчиси деб топилди.
Аввалроқ, “қироллик клуби”нинг 160 миллион евролик таклифига рад жавоби берилганди. “Бавария” кузатув кенгаши аъзоси Ули Хёнесс эса ёзги трансфер ойнаси вақтида жамоа вингери Майкл Олисенинг сотилиши борасидаги гап-сўзларга муносабат билдириб, у 200 миллион еврога ҳам сотилмаслигини айтиб ўтган эди.
Олисе Мюнхен клуби билан 2029 йилга қадар имзоланган шартномага эга ва унинг келишувида товон пули ҳақидаги банд мавжуд эмас. Шунга қарамай, футболчининг ўзи 2026 йил ёзда “Реал Мадрид” сафига қўшилишга қарши эмас.
Маълумот учун, Майкл Олисе Германия клубидаги иккинчи мавсумини ўтказмоқда. Футболчи шу вақтга қадар клуб сафида жами 100 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 38 та гол ва 52 та голли узатмани ёздириб қўйган. Transfermarkt портали унинг қийматини 140 миллион еврога баҳоламоқда.













