“Бунёдкор” – “Андижон” (1:3) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида дастлаб меҳмонлар бош мураббийи Ислом Аҳмедов саволларга жавоб берди.
— Биринчи навбатда бизни стадионда қўллаб-қувватлаган мухлисларимизга, бизни қўллаб-қувватлаб келаётган вилоятимиз ҳокимига ва барча раҳбарларимизга катта раҳмат айтамиз. Қолаверса, футболчиларимизга ўзларини энг яхши томонларини кўрсатишгани учун уларга ҳам миннатдорчилик билдирамиз. Ўйинга келадиган бўлсак, “Бунёдкор”ни ўз услубига ва салоҳиятли мураббийга эга жамоалигини билардик. Шунга қараб қаттиқ тайёргарлик кўрдик. Режа қилгандик ва режамиз ўхшади.
— Футболда кам учрайдиган ҳолат кузатилди. Биринчи бўлимдан кейин бирданига 4 нафар футболчини алмаштирдингиз. Бунинг сабаби нимада эди?
— Айтганимдек, “Бунёдкор” ўз услубига эга жамоа. Агар уларга босим қилиб футбол ўйнамасангиз бизга қийинчилик туғдириши аниқ эди. Шунинг учун хоҳлаймизми-йўқми, олдинги чизиққа “нагрузка” тушарди. Биринчи таймдаги футболчиларимизга босим билан уларни ўз ўйинини кўрсатишига йўл қўймасликларини тайинлагандик ва қўлдан келганича ҳаракат қилишди. Аъло даражада ҳам ўйнашди, десак бўлади. 30-дақиқага келганда олдинги чизиқда чарчоқ аломатлари сезилди. Шу сабабли иккинчи бўлимда янги кучларни туширдик.
— Қишда трансфер қилинган Мартин Боакени маоши ҳам катта деб эшитдик. У “Машъал”га қарши ўйиндан кейин ҳали гол ургани йўқ. Унинг ўйинини қандай баҳолайсиз?
— Мартин Боакени бу ерга қандай келиб қолганини очиғи мен билмайман. Штабда бор эдим, аммо музокараларда иштирок этмаганман. Боаке салоҳиятли ҳужумчи. Агар ундан тўғри фойдалансак ҳаводаги тўпларда доим илғор. Биринчи бўлимда иккала қанот ўйинчиларимизга кўпроқ ҳаводан узатмаларни оширишларини айтганмиз. Мартиннинг кучли тарафидан фойдаланишга ҳаракат қилдик. Тўпни яхши сақлагани учун уни иккита ўйинчи қўриқлади.
— “Бунёдкор” “Андижон” учун ноқулай рақиб эди. Буни статистика ҳам кўрсатиб турганди...
— Бу ўйинга тайёргарлик кўраётганимизда статистикага қарамагандим. Фақат бор эътиборимизни “Бунёдкор” билан учрашувга қаратгандик. Рақибни ўрганиб чиқиб, иложи борича уларни ўз устунлигидан фойдаланишига йўл қўймасликка ҳаракат қилдик.
— Бугун Бекзод Сулаймоновга имконият бердингиз. Шунингдек, “Андижон” U21 жамоасида яна бир ўйинчи ўзини кўрсатяпти. Бу Хамидулло Каримов. У ёшлар чемпионатида тўпурар бўлиб турибди. Унга ҳам имконият бериб кўрасизми?
— Албатта. Аслида бу ерда 4 та ўйинга имконият берилган. Жамоада қанча вақт ишлашимни ҳали билмайман. Шунинг учун аввал аниқ қилиб олганимиздан кейин ёшлар жамоасидаги ўйинчиларимизга имконият бериб борамиз. Каримовнинг потенциалини биламан. Ўйинларга бориб томоша қиламан. Худо хоҳласа, аста-секин уларни ҳам жалб қилиб борамиз. Ўтган йили биринчи лигада ўйнаган йигитлардан 8 нафар атрофидаги йигитлар ўринбосарлар сафига ўтишган. Яхши, салоҳиятли ўйинчилар бор. U21 жамоамизда яхши футболчилар кўп. Улар бежизга юқори ўринларда эмас.
— Самвел Бабаян ишлаган пайтда у ўйинлардан кейин ўйинимиз бор, аммо омадимиз келмаяпти деб айтарди. Кетма-кет мағлубиятлар руҳий томондан таъсир қилади. Бу ғалаба уларга қанчалик ёрдам беради, деб ўйлайсиз?
— Очиғи, бу ғалабада ҳамма катта меҳнат қиляпти. Мураббийлар штаби, шифокорлар, администраторлар ва бошқалар бу ғалабани ортидан меҳнат қилишяпти. Қатор мағлубиятдан сўнг ўйинчилар тушкунликка тушиб қолишганди. Шу сабабли аввал уларни руҳий томонлама кўтаришга ҳаракат қилдик. Машғулотларимизда ички рақобатни ҳам кучайтиряпмиз. Ана шунда рақобатбардош жамоа бўла оламиз. Ўтган сафарги дуранг анча ишонч берди. Бугунги ғалаба янада ишонч беради. Ўйиндан-ўйинга янада яхшилаб борамиз.
— Азимов, Ғуломов ва Комилов ўринбосарлар сафида ўйнаб келишяпти. Уларни асосий таркибга қайтариш режангизда борми?
— Ҳаммаси режамизда бор. Улар жамоамиз билан биргаликда ишлашяпти. Ўзларини яхши томонлама кўрсатишяпти. Мени бошчилигимда иккита ўйин ўтди. Ишни яна давом эттирадиган бўлсак, уларга ҳам имконият берилади. Ўринбосарлар таркибига эса уларга ўйин амалиёти бўлиши учун туширяпмиз. Асосий машғулотни эса асосий жамоа билан қилишяпти.













