«Ньюкасл» ярим ҳимоячиси Сандро Тонали келаётган трансфер ойнасида Италия А Сериясига қайтишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда таниқли инсайдер Фабрицио Романо хабар бермоқда.
Манбанинг таъкидлашича, 25 ёшли футболчи фаолиятини Англия Премьер-лигасида давом эттиришни истамоқда. Ҳозирда италиялик хавбек АПЛнинг бир қатор етакчи клублари қизиқишлари доирасида бўлиб турибди ва у фаолиятини юқорироқ даражадаги жамоада давом эттиришга мойил. Романонинг қўшимча қилишича, тез орада футболчининг келажаги борасида янги тафсилотлар пайдо бўлади.
Маълумот ўрнида, Тонали жорий мавсумда барча мусобақаларда жами 50 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 3 та гол ва 7 та голли узатмани ёздириб қўйди. Transfermarkt портали мутахассислари яримҳимоячининг бозор қийматини 80 миллион еврога баҳоламоқда.













