Иордания миллий терма жамоаси 18 нафар футболчи билан машғулотларни олиб бормоқда. Саккиз нафар легионер ҳали йиғинга қўшилмади. Кечаги машғулотдан кейин терма жамоа бош мураббийи Ҳуссам Ҳассан ОАВ вакиллари билан суҳбатда бўлди.
"Биз ўйинимизни кучайтиришга ва бир қанча жиҳатларни ривожлантиришга ҳаракат қиляпмиз. Ўзбекистонга қарши ўйинларга юқори тайёргарликда келишимиз керак. Биз албатта ушбу рақибдан ўтиб, ЖЧ йўлидаги ҳаракатларимизни давом эттиришни истаймиз", дейди бош мураббий.
Иордания терма жамоаси 28 август куни Ироқ билан ўртоқлик ўйини ўтказиши лозим эди. Аммо бу ўйин айрим сабабларга кўра ўтказилмади. Унинг сабаблари хусусида Ҳуссам Ҳассан қуйидагиларни айтиб ўтди: "Шахсан ўзим ушбу ўйинни ўтказиш талаби билан чиққандим. Лекин бу ўйинда асосий таркиб футболчилари хизматидан фойдалана олмаслигимни билганимдан кейин ҳафсалам пир бўлди. Хориж чемпионатларида ўйнаётган футболчиларнинг клублари уларни эртароқ қўйиб юборишмади. Шунинг учун тўлиқ бўлмаган таркиб билан ўртоқлик ўйини ўтказмасликка қарор қилдик".
"Шубҳасиз, бизни оғир ўйинлар кутиб турибди. Ҳар иккала жамоа ҳам ЖЧ-2014га боришни истайди. Аммон ва Тошкентда ўтадиган 2та ўйин якунларига кўра ижобий натижадан умид қиляпман. Бунинг учун эса дастлабки ўйинда ўзимиз учун қулай бўлган ҳисобни қайд этишимиз лозим. Терма жамоани илк марта Мундиалга олиб чиқиш учун Иордания футбол ассоциацияси президенти Али бин Ҳусайн, маҳаллий ОАВ вакиллари бизни қўллаб-қувватлаб туришибди", дейди Ҳуссам Ҳассан.