Мюнхеннинг «Бавария» клуби президенти Герберт Хайнер жамоанинг молиявий имкониятлари ҳақида фикр билдирди. Ушбу мавсумда жамоа мамлакат чемпиони бўлди ва Чемпионлар лигасининг камида ярим финалигача етиб борди.
«Охирги 25 йил ичида биз ҳар мавсумда, ҳатто Ковид пандемияси даврида ҳам фойда кўрдик. Буни айтиш осон туюлиши мумкин, лекин аслида биз — битта катта оиламиз. Кейнни мисол қилиб олсак: унинг шартномасида, агар у Англияга қайтишни истаса, жамоани тарк этиши мумкинлиги ҳақида банд бор эди. Бироқ бу масала ҳатто муҳокама ҳам қилингани йўқ, у Мюнхенда ўзини ўз уйидагидек ҳис қилмоқда», — дея Хайнернинг сўзларидан иқтибос келтиради L’Equipe.
«Бавария» бошқа клублардан фарқли равишда иш юритиши, аммо Кейннинг трансфери учун 95 миллион евро сарфлагани ҳақидаги фикрларга жавобан Хайнер шундай деди:
«Рақобат тобора кучайиб бормоқда, айниқса инглиз клубларининг таъсирини ҳисобга олсак. АПЛ телетрансляциялардан йилига 4 миллиард евро олади, Германияда эса бу кўрсаткич 1,2 миллиард еврони ташкил этади. Агар бизга Кейн каби ўйинчи керак бўлса, уни сотиб оламиз. Лекин, бошқа томондан, бизда Мусиала, Павлович, Станишич ва Карл каби футболчилар бор. Ушбу мавсумда ёшлар академиямизнинг 10 нафар тарбияланувчиси профессионал футболда дебют қилди. Бундай уйғунлик бизга муваффақиятга эришиш ва молиявий жиҳатдан масъулиятли фаолият юритишда ёрдам беради».
Эслатиб ўтамиз, «ПСЖ» ва «Бавария» ўртасидаги Чемпионлар лигаси ярим финалининг илк учрашувида Париж клуби 5:4 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Жавоб учрашуви 6 май куни Тошкент вақти билан соат 00:00'да бўлиб ўтади.













