«Бавария» бош мураббийи Венсан Компани Чемпионлар лигаси ярим финали доирасидаги «ПСЖ»га қарши жавоб учрашуви олдидан биринчи ўйиндаги каби очиқ футбол кутаётгани ҳақидаги саволга жавоб берди. Эслатиб ўтамиз, дастлабки баҳс Франция клубининг 5:4 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган эди. Иккинчи ўйин эртага, 6 май куни Мюнхенда бўлиб ўтади.
«Бу доим жамоаларга боғлиқ. Агар улардан бири чекинишга ва кўпроқ ҳимояланишга қарор қилса, ўйинда нисбатан хотиржам фазалар бўлиши мумкин. Аммо қайсидир жамоа ўзларини шу босқичгача олиб келган асосий услубини ўзгартиришини тасаввур қилиш қийин. Биз ўз уйимизда ўйнаяпмиз, ғалаба қозонишни истаймиз ва бунинг учун бор кучимизни ишга соламиз.
Бизнинг вазифамиз — ўйинларда ғалаба қозониш. Бизда бу мақсадга эришишда ёрдам берадиган ғоялар бор. Гап фақат шунда. Биз кўплаб ўйинларда ғалаба қозона олишимизни кўрсатдик, «ПСЖ» ҳам буни исботлади. Якунда, зафар қучиш учун рақибдан битта кўпроқ гол уриш керак. Агар буни гол ўтказиб юбормасдан амалга ошира олсангиз — бу содир бўлиши мумкин бўлган энг яхши натижадир», — дея Компанининг сўзларини иқтибос келтиради Bayern & Germany ижтимоий тармоқдаги Х саҳифасида.













