«Арсенал» ярим ҳимоячиси Деклан Райс Чемпионлар лигаси ярим финалида «Атлетико» устидан қозонилган ғалабадан сўнг Майлз Льюис-Скеллининг ўйинини алоҳида эътироф этди. 19 ёшли футболчи жавоб учрашувида асосий таркибда майдонга тушиб, 74-дақиқагача ҳаракат қилди. «Канонирлар» 1:0 ҳисобида зафар қучиб, сўнгги 20 йил ичида илк бор Чемпионлар лигаси финалига йўл олдилар.
«Биз Майлз нималарга қодирлигини доим билганмиз. Унинг ўтган мавсумда кўп ўйин амалиётига эга бўлгани ёдимда. 18 ёшида «Реал»га қарши майдонга тушганидаёқ: «Вау, нақадар кучли ўйинчи», деб ўйлагандим. Бу мавсумда у ўзи истаганчалик кўп ўйнамаётган бўлса-да, тушкунликка тушмасдан, ўз устида жуда қаттиқ ишлаётганини кўриб турибман. У кунма-кун ҳамма нарсани тўғри бажармоқда. Унинг ярим финалда майдонга тушиб, ўзини бу қадар яхши кўрсатгани мени асло ҳайратлантирмади», — дея Райснинг сўзларини келтиради УЕФА матбуот хизмати.













