«Бавария» футболчиси Йозуа Киммих аллақачон Чемпионлар лигаси кубоги учун янги юриш ҳақида ўйламоқда. Чоршанба куни Венсан Компани жамоаси ярим финалда «ПСЖ»га йўл бериб (Мюнхенда 1:1, икки ўйин натижасига кўра 5:6), мусобақадаги иштирокини якунлаган эди.
«Ҳаммамиз мураббийимизга, барча ходимларга ва ўзимизга ишонамиз. Кийиниш хонасидаги ҳар бир инсон Чемпионлар лигасида ғолиб чиқиш қўлимиздан келишига ишонади. Ўтган мавсумда ҳам «Интер»дан мағлуб бўлиб чиқиб кетганимизда ёмон ўйнамагандик. Бу гал эса мақсадга янада яқинроқ келгандик, жуда кучли «ПСЖ» билан тенгма-тенг курашдик. Кейинги мавсумда яна ҳаракат қилиб кўрамиз», — дея Киммихнинг сўзларини келтирмоқда Bayern & Germany.
Эслатиб ўтамиз, ушбу мавсумда энг нуфузли еврокубок бош соврини учун «ПСЖ» ва «Арсенал» жамоалари баҳс олиб боришади. Финал 30 май куни бўлиб ўтади.













