«Реал» ярим ҳимоячиси Федерико Вальверде Испания Ла Лигасининг 35-тури доирасидаги «Барселона»га қарши ўйинни ўтказиб юборади, деб хабар бермоқда клуб матбуот хизмати.
27 ёшли уругвайлик футболчи бош мия жароҳатини олган. Аввалроқ «Реал» машғулотида жамоадоши Орельен Тчуамени билан низо келиб чиққани ва Тчуамени унга зарба бергани ҳақида хабар берилган эди.
«Бугун «Реал» тиббий хизмати томонидан футболчимиз Феде Вальверде тиббий кўрикдан ўтказилди ва унда бош мия жароҳати аниқланди.
Вальверде айни дамда уйда, аҳволи яхши. Бундай ташхис учун белгиланган тиббий протоколларга мувофиқ, у 10-14 кун давомида дам олиши лозим», — дейилади клуб расмий сайтидаги хабарда.
10 май куни «Реал» Испания чемпионатининг 35-тури доирасида «Камп Ноу» стадионида «Барселона»га қарши майдонга тушади. Ўйин Тошкент вақти билан соат 00:00 да (11 майга ўтар кечаси) бошланади.













