Мадриднинг «Реал» клуби ўз расмий сайтида ярим ҳимоячилар Федерико Вальверде ва Орельен Тчуаменини 500 минг евродан жаримага тортгани ҳақида баёнот берди.
«Реал Мадрид» маълум қиладики, футболчиларимиз Федерико Вальверде ва Орельен Тчуаменига нисбатан интизомий иш очилишига сабаб бўлган воқеалар туфайли, уларнинг иккаласи ҳам бугун терговчи олдида кўрсатма бердилар.
Кўрсатма бериш давомида футболчилар содир бўлган воқеадан тўлиқ афсусда эканликларини билдириб, бир-бирларидан узр сўрашди. Шунингдек, улар клуб, жамоадошлари, мураббийлар штаби ва мухлислардан кечирим сўраб, клуб мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаган ҳар қандай жазони қабул қилишга рози бўлишди.
Ушбу ҳолатларни инобатга олган ҳолда, «Реал» Мадрид ҳар бир футболчига 500 минг евро миқдорида молиявий жарима қўллашга қарор қилди ва шу билан ички текширув жараёнини якунлади», — дейилади клуб баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, пайшанба, 7 май куни машғулот вақтида Вальверде ва Тчуамени ўртасида оғзаки низо келиб чиққан ва у кийиниш хонасида муштлашувга айланиб кетган эди. Тўқнашув натижасида уругвайлик футболчи бошидан жароҳат олиб, шифохонага етказилган.













