«Фулхэм» бош мураббийи Марку Силва Лондон клуби билан меҳнат шартномасини узайтириш бўйича таклиф олди. Бу ҳақда BBC Sport хабар бермоқда.
Манбанинг таъкидлашича, лондонликлар португалиялик мутахассисга уч йиллик янги битим таклиф қилишган, бироқ мураббий ҳозирча жавоб бергани йўқ. Силва клуб раҳбариятига ўйлаб кўриш учун вақт кераклигини айтган.
Эҳтимол, шу ёзда кўплаб йирик клублар, жумладан, «Челси», «Бенфика» ва «Реал» янги мураббий қидиришни бошлайди. Силва эса мансаб пиллапояларидан юқорироққа кўтарилиш мақсадида яхшироқ таклиф кутишни истамоқда.
Марку Силва 2021 йилдан бери «Фулхэм»ни бошқариб келмоқда. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси шу йилнинг июнь ойи охирида якунига етади. Премьер-лиганинг 35 туридан сўнг пойтахт клуби 48 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалида 11-ўринни эгаллаб турибди.













