Англия Премьер-лигасининг 36-тури доирасида марказий учрашувлардан бири бўлиб ўтди. «Ливерпуль» ўз майдонида Лондоннинг «Челси» клубини қабул қилди ва 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекди.
Учрашувнинг 6-дақиқасидаёқ мезбонлар ярим ҳимоячиси Райан Гравенберх ҳисобни очди. «Челси» эса бунга 35-дақиқада Энцо Фернандеснинг голи билан жавоб қайтарди. Иккинчи бўлим бошида Коул Палмер «Ливерпуль» дарвозасини ишғол этган эди, бироқ бош ҳакам Крейг Поусон ВАР тизими орқали вазиятни ўрганиб, офсайд сабабли голни бекор қилди.
Ушбу дурангдан сўнг «Ливерпуль» очколари сонини 59 тага етказиб, чемпионат якунланишига икки тур қолганда тўртинчи ўринни эгаллаб турибди. «Челси» эса 49 очко билан 9-поғонада бормоқда. Эътиборли жиҳати, лондонликлар ушбу ўйин орқали АПЛдаги 6 ўйиндан иборат мағлубиятли сериясига чек қўйишди.
«Ливерпуль» навбатдаги учрашувини 15 май куни сафарда «Астон Вилла»га қарши ўтказса, «Челси» 16 май куни «Манчестер Сити»ни қабул қилади.
«ЛИВЕРПУЛЬ» — «ЧЕЛСИ» — 1:1
Голлар: Райан Гравенберх 6 (1:0), Энцо Фернандес 35 (1:1).
«Ливерпуль»: Мамардашвили, ван Дейк, Конате (Гомес, 77), Керкез, Джонс, Макаллистер, Гравенберх, Собослаи, Нгумоха (Исак, 67), Фримпонг, Гакпо (Кьеза, 77).
«Челси»: Йергенсен, Колвилл, Фофана, Хато, Гюсто, Сантос (Джеймс, 63), Кайседо, Фернандес, Кукурелья, Палмер, Жоао Педро.
Огоҳлантиришлар: Гомес (88), Макаллистер (90) — Хато (67), Фернандес (73), Кукурелья (83), Кайседо (89).













