Лондоннинг «Челси» клуби бош мураббийи вазифасини бажарувчи Калум Макфарлейн АПЛнинг 36-тури доирасида «Ливерпуль»га қарши кечган баҳс (1:1) натижаси юзасидан ўз фикрларини билдирди.
Учрашувнинг иккинчи бўлими бошида бош ҳакам Крейг Поусон ВАР тизимига таянган ҳолда «кўклар»нинг голини офсайд сабабли бекор қилган эди.
«Ўйиннинг айрим палларида ташаббус у ёки бу томонга ўтиб турди. Балки фикрим бироз нохолис туюлар, лекин биз бу баҳсда ғалаба қозонишимиз мумкин эди. Бизда яхши имкониятлар бўлди: биринчи бўлимда Энцо гол уриши мумкин эди, Кукурелья эса қанотда яхши ҳаракат қилиб, хавфли узатмаларни амалга оширди. Ўйинда баҳсли офсайд ва яққол пенальти белгиланиши керак бўлган вазият ҳам бор эди. Менимча, «Энфилд»дан уч очко билан қайтишга лойиқ эдик», — дея Макфарлейннинг сўзларини келтирмоқда Football.London.
Маълумот учун, ушбу дуранг орқали «Челси» чемпионатдаги олти ўйинлик мағлубиятли сериясига чек қўйди. Ҳозирда жамоа 49 очко билан турнир жадвалида 9-ўринни эгаллаб турибди. «Кўклар» навбатдаги ўйинни 16 май куни «Манчестер Сити»га қарши ўтказишади.













