"Вест Хэм" ҳужумчиси Жаррод Боуэн жорий ёзги трансфер ойнасида Лондон клубини тарк этиши мумкин. Daily Mail нашрининг хабарига кўра, Премьер-лиганинг бир нечта клублари 29 ёшли футболчининг ҳолатини диққат билан кузатиб бормоқда.
Гарчи "Вест Хэм" айни дамда АПЛда жон сақлаб қолиш учун курашаётган бўлса-да, клуб лигада қолишни уддалаган тақдирда ҳам Боуэннинг кетишига рухсат берилиши кутилмоқда.
"Ливерпуль" клуби Англия терма жамоаси аъзосининг азалий мухлиси ҳисобланади. Мерсисайдликлар Муҳаммад Салоҳдан кейинги давр учун режа тузиш ва ҳужум чизиғини кучайтириш мақсадида Боуэнни асосий номзодлардан бири сифатида кўрмоқда.
Шунингдек, ҳужум чизиғида ислоҳотлар ўтказишни режалаштирган Эдди Ҳау бошчилигидаги "Ньюкасл" ҳам футболчига қизиқиш билдирмоқда. Бундан ташқари, "Эвертон" варианти ҳам истисно этилмаяпти — "ирислар" устози Давид Мойес 2020 йилда Боуэнни "Вест Хэм"га айнан ўзи таклиф қилгани боис унинг иқтидорини юқори баҳолайди.
Вазиятга яқин манбаларнинг таъкидлашича, келаётган трансфер ойнасида Боуэннинг трансфери 60 миллион фунт стерлингдан камроқ маблағ эвазига амалга ошиши мумкин.













