Туриннинг «Ювентус» клуби вингери Кенан Йилдиз фаолиятини Испания чемпионатида давом эттириши мумкин. Бу ҳақда Tuttosport нашри хабар бермоқда.
Манбанинг маълумотларига кўра, Туркия терма жамоаси аъзосини Мадриднинг «Реал» клуби ўз сафида кўришни истамоқда. «Қироллик клуби» раҳбарияти яқинлашиб келаётган ёзги трансфер ойнасида футболчини сотиб олиш эҳтимоли паст бўлса-да, «кекса синьора» билан Йилдизни харид қилиш бўйича биринчи навбатдаги имтиёзли ҳуқуқни келишиб қўймоқчи.
Жорий мавсумда 19 ёшли Кенан «Ювентус» сафида барча мусобақаларда 46 та учрашувда майдонга тушди. Ушбу баҳсларда иқтидорли футболчи 11 та гол ва 11 та голли узатмага муаллифлик қилди.
Маълумот ўрнида, Йилдизнинг туринликлар билан амалдаги шартномаси 2030 йилнинг июнь ойига қадар мўлжалланган. Ҳозирда унинг трансфер бозоридаги нархи 75 миллион еврога баҳоланмоқда.













